Илк велосаёҳат: Тошкент-Чорвоқ

Узоқ масофали велосаёҳат қилишни кўпдан бери режалаштириб юрардим. Муносиб шерик топилмагани учун саёҳат орқага сурилаётган эди. Блогер Санжар Саид республика бўйлаб велосаёҳатга отланаётганини эшитиб, унга аввалига, машқ учун Чорвоққа чиқишни таклиф этдим. Бошқа талабгорлар ҳам сафарга қўшилишлари мумкинлигини эълон қилдик.

Шанба куни ёмғир ёғиб, ҳаво салқинлашгани туфайлими ёки бошқа техник сабабларми, сўнгги куни ҳеч кимдан садо чиқмади. Якшанба куни эрта сахар 3:00 да иккаламиз йўлга чиқдик. Ҳаво салқин, шаҳар кўчалари камқатнов, светофорнинг фақатгина сариқ чироғи ёниб ўчмоқда. Велосипедда ҳаракатланиш учун айни қулай ҳолат. Далалар ва тоғнинг сарин ва хушбўй ҳавоси, эрта тонгда сайраётган қушларнинг гўзал хониши, димоқ ва танага хуш ёқувчи майин шабада, яхши мавзулардаги суҳбатлар бизга қувват бағишлади.

85 километрлик Дархон – Феруза – ТТЗ – Қибрай – Оққовоқ – Чирчиқ – Товоқсой – Искандар – Ғазалкент – Ҳожикент – Чорвоқ – Пирамида маршрути бўйлаб давом этган велосаёҳатимиз йўлда тўхтаб дам олишлар, суратга туширишлар, “Бочка”даги нонушта ва оёқ узатишлар билан қўшилиб, саккиз соат давом этди. Йўлнинг энг қийин қисми “Бочка”дан Чорвоққа кўтарилиш бўлди. 15 км.лик масофага гоҳ велосипед миниб, гоҳ пиёда юриб, 1,5 соатда кўтарилдик.

Ҳамма машаққат бир бўлди-ю, манзилга етгандаги хурсандлик ва велосипедда юқоридан пастга учиб тушиш адреналини барча чарчоқларни аритди. Тоғдан тушиш анча енгил экан. Кичикроқ тепаликлардан ҳам осон ўтдик.

Бу йилги ёз деҳқон ва боғбонлар учун баракали келди. Қишлоқ аҳли хонадонларидаги пишган меваларни йўл бўйи арзон нарҳда сотиб олиш мумкин. Шаҳарда 2-3 баравар қиммат. Велосипедда бўлганим учун кўп харид қилолмадим.

Тошкентга 5 соатда кириб келдик. Сафар давомида шахсий рекордимни ўрнатдим: велосипедда соатига 23 км йўл босдим (Чирчиқ аквопаркидан ТТЗ-1 гача). Шу куни жами 170 км. йўл велосипедда босиб ўтилди.

Яхши инсонларнинг дуоси билан сафаримиз жудаям хайрли, енгил ўтди:

  1. Сафар режаси қилинган кунлари ҳаво ҳарорати жудаям иссиқ эди. Ҳатто кечаси ҳам иссиқдан беҳузур бўлиб чиққан эдим. Сафар куни ҳаво салқин бўлди, қалин кийим билан йўлга чиқдик. Йўл бўйи ёмғирдан кейинги тоза ҳаводан нафас олиб кетдик.
  2. Бир кун олдин роса ёмғир ёққан, шамол эсган, об-ҳаво сайтлари тоғда ёмғир ва шамол бўлиши эҳтимолини ёзган эди. Ўзига таваккул дея йўлга чиқдик: ёмғир ҳам ёғмади, кучли шамол ҳам бўлмади.
  3. Тоғда ҳам ҳаво баъзан булутли бўлиб, жонимизга оро кирди.
  4. Эрта тонгда Тошкентдан Чорвоққа кетишда шарқий шамол ҳаракатланишга халақит беради, дейишганди. Ҳожикентгача шамол бўлмади, хотиржам келдик.
  5. Чорвоқ сув омборида сувнинг ҳарорати илиқ, ўзи тиниқ, қаъри бемалол кўринар эди (ваҳоланки уч ҳафта олдин келганимда сув лойқа эди).
  6. Қайтишда биз юрган томондан дарахт соялари тушиб турди.
  7. Йўлда хавфли вазиятлар деярли бўлмади, велосипедимиз бузилмади.

Гарчи 4 йилдан бери ишга мунтазам велосипедда қатнасам-да, узоқ манзилга юриш борасида хаваскорман. Сафарга тайёргарлик асносида Фейсбукдаги “Тошкент велоуюшмаси” гуруҳидаги веломанлардан маслаҳат сўрадим. Профессионаллар маслаҳати ва сўнгги саёҳатимиз хулосаларига асосан, сафарга чиқмоқчи бўлган хаваскорларга айрим тавсияларни бериб ўтсам:

  1. Илк сафар учун нисбатан енгилроқ бўлган маршрутни танланг. Биз танлаган маршрут бироз қийинроқ ва узоқроқ. Бориш-келиш билан 80-100 км.лик маршрутни танласангиз, машаққатингиз озроқ бўлади.
  2. Сафарга чиқишдан олдин велосипедингизнинг техник созлигини текшириб чиқинг. Айниқса, тормоз, тезлик тўғрилагич, ғилдираклар ҳолати кўнгилдагидек бўлсин.
  3. Зарур калитлар, камера, камера ямагич, дам ургич асбобларни ўзингиз билан олволинг. Йўлдаги фавқулодда вазиятларда бу асбоблар асқотади.
  4. Кечаси юрганда олд ва орқа чироқлар, ғилдиракдаги нур қайтарувчи чироқлар бўлиши шарт.
  5. Ҳозирги ёз пайтида сафарга эрта тонгда ёки кечаси чиққан маъқул. Шунда энергиянгиз тежалади, иссиқдан қийналмайсиз.
  6. Кийимингиз велосипедда ҳаракатланишда қулай, пахтадан тикилган, ҳаво ўтказадиган бўлгани яхши. Узун иштон/шим кийган маъқул. Чунки тоғ ҳавоси оёқ ва болдирларга совуқ ўтказиши мумкин. Бошга махсус шлем ёки қуёшдан сақловчи кепка кийиш мумкин.
  7. Йўлда еб-ичиб кетиш учун майиз, туршак, ёнғоқ хурмо, сув олинг. Тоққа кўтарилишда баданга глюкоза тез тарқалади. Майиз, туршак, хурмо сизга қувват беради. Яхши овқатланадиган жойда тўхтаб, таомланинг, озроқ оёқ узатинг.
  8. Юқорига кўтарилишда чарчасангиз, велосипеддан тушиб, юринг. Тўхтаб, ўтирмаганингиз маъқул. Велосипедни еталаб, давом этаверинг. Шунда масофа босиб ўтилади, ҳам ҳаракат давом этади.
  9. Тоғдан тушишда тормозни босиб юринг, бурилишларда эҳтиёт бўлинг. Шеригингиз билан масофани узоқроқ сақланг. Чунки олдидаги велосипедчи тормоз босса, орқадаги улгурмай қолиши мумкин.
  10. Йўл ҳаракати қоидаларига амал қилинг. Светофорларда, бурилишларда тўхтаб, атрофни ўрганиб, сўнг ҳаракатни давом эттиринг.

Тошкент-Чорвоқ сафари давомида ибодат қилувчилар учун йўл бўйидаги масжидлар ҳақида маълумот:

  1. Қибрайда Ботаника поезд бекатидан ўтгандан сўнг йўлнинг ўнг тарафида Байтқўрғон масжиди;
  2. Чирчиқда Аквапарк қаршисидаги кўчада, йўлнинг чап тарафида Чирчиқ марказий жомеъ масжиди;
  3. Ғазалкент марказидан Чорвоқ йўлига юришда, йўлнинг ўнг тарафидаги маҳалла масжиди.
  4. Ҳожикент поезд бекатига етмасдан, йўлнинг ўнг тарафида Ҳожикент жомеъ масжиди.

Сафардан олинган фойдалар бир олам. Ҳеч қаерим оғримаяпти, бадандаги кераксиз туз ва моддаларни терлаб чиқариб ташладик. Кайфият аъло. Кўз, қулоқ, юз, оёқ-қўл — барчаси сафар пайти дам олди.

Барчага мана шундай сафарлар насиб этишини тилайман. Кейинги манзилларда учрашгунча!

2 thoughts on “Илк велосаёҳат: Тошкент-Чорвоқ

  1. Ажойиб! Биз машинада бориб-қайтдик сиз борган жойларга, аммо таассуротимиз, табиийки, камбағалроқ. Ростини айтсам, ҳали велосипед олганим йўқ (гарчи ниятим бор), шу тобда велодўконга югургим келиб кетди.
    Болаликда роса кўп велосипед учганман, яна-тағин мен ўсган жойлар (Қашқадарё, Деҳқонобод) қир адирлик, устига-устак, у пайтларда эски “Урал” велосипедлари (уларнинг ҳам эскилари) бор, шунинг учун жуда паст фоизли қияликка ҳам велосипедни етаклаб чиқишга мажбур бўлардим, тушмасдан, амаллаб-зўрға чиқсам, ўзимни қаҳрамон санардим. Ҳозирги тезлик алмаштириш имкони бўлган велосипедларда саёҳат осон бўлса керак деб тасаввур қиламан. “Тағин билмадим…”
    Навбатдаги 🙂

  2. Яшангизлар! Жуда ҳавасландим! Қанийди, мен ҳам сафларингизга қўшилсам! Лекин бу учун аввал велосипед сотиб олишим зарур.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *